Sen desam | @XizrAbdulkarim
She'r: O'tkirbek Muhammad Sobir Badiiy rahbar: Abdukarim Mirzayev Sen desam Мени севиб-севиб яратдинг, Роббим, Меҳринг бериб-бериб яратдинг, Роббим. Севгингга жавобим исёнлар бўлди, Меҳрингга жавобим туғёнлар бўлди. Борма деганингга тўрт оёқ чопдим, Боришга минг битта баҳона топдим. Кўрсатган йўлларинг қайтдим бошидан, Қўрқдим тиконидан, қўрқдим тошидан. Сўнгдаги гулзорни илғай олмадим, Сўнги ғамзор йўлдан асло қолмадим. Мени дегин дединг мен-чи мен дедим, Мен мендан безмадим, қачон Сен дедим? Тил бердинг зикрмас, ғийбат гуллади, Дил бердинг, ёдингсиз дил ҳувуллади. Қўл бердинг, Сенгамас, дунёга тутдим, Йўл бердинг, бу йўлдан чап буриб ўтдим. Кўз бердинг, заҳарли сандон айладим, Сўз бердинг, шеър ичра зиндон айладим... Ҳар нафас титради охирман дея, Туймадим, қулоғи оғирман дея. Тобутлар қайиқдек чайқалса қачон, Қайиқмас, дарёга боқдим нигорон. Осмон ўйлатмади, ер ўйлатмади, Аёл ўйлатмади, эр ўйлатмади. Хаёлнинг хаёли бебош бўлди, ҳай, Ҳаётнинг ҳаёти нон-ош бўлди, ҳай. Нафсим ороми деб олмадим ором, Оромсиз оромга ақл бўлди ром. Бош бердинг, деворга урмоқ-чун дедим, Ёш бердинг, тупроқни кўрмоқ-чун дедим. Йиғладим, кўзёшлар увол бўлди, ҳай, Тавбасиз тавбалар завол бўлди, ҳай. Насиҳат ўқидим кексами, ёшга, Лом демай тинглади ўзимдан бошқа. Ўзимга айтмадим, демадим, ҳайҳот: Вал танзур нафсун маа қоддамад лиғод! Жоним қўлингдадир, жоним қўлингда, Фидо этганим йўқ жонон йўлингда. Қадримни ўйладим, қабрим эсда йўқ, Жаннат орзуладим, жабрим эсда йўқ. Фақат мен демоқдан чарчоқ билмадим, Мендан бошқасига парво қилмадим. Боқдим, фойда йўқмиш мендан менга ҳам, Мендан кечиб Сенга бўлсайдим қарам... Ўзинг мадад берсанг, ўзимга келсам, Сен десам, Сен десам, фақат Сен десам... Ўткирбек Муҳаммад Собир Асака, уй. 02.01.2026 14:36
Название:
Sen desam | @XizrAbdulkarim
Категория:
Разное